Қадимги Бухоронинг мадрасалари тарихи | Ko'hna manzillar

Спасибо! Поделитесь с друзьями!

Вам не понравилось видео. Спасибо за то что поделились своим мнением!

Добавлено от admin
2 Просмотры
"Кўҳна манзиллар" кўрсатуви
"Ўзбекистон тарихи" телеканали
Мовароуннаҳрга ислом дини кириб келиши билан диний таълим ва у билан боғлиқ илмлар ҳам ривожлана бошлади. Маънавиятда ҳурфикрлилик, илм-фанга ҳурмат-эътибор ва унинг қадр-қимматини юксак баҳолаш устунлик қилди. Айниқса, диний ва дунёвий илмлар узвий ҳолда тараққий этди. Айнан шу даврдан ҳудудларда мактаблар ва мадрасалар пайдо бўла бошлади. Мадрасалар қадимдан Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида алоҳида нуфузга эга ўқув маскани сифатида катта обрў-эътибор қозонган.
Кўҳна Бухоро ҳам ўзининг кўп сонли мадрасалари билан ном таратган. У турли ерлардан илм таҳсили учун талабалар ташриф буюрадиган шаҳар ҳисобланган. Бу анъана кейинги асрларда ҳам давом этган. Шу сабабли аксарият муаллифлар Бухоро ҳақида сўз кетганда аввало унинг шу жиҳати билан таърифлаганлар. Хусусан аштархонийлар даври муаррихи Маҳмуд ибн Вали (XVII аср) Бухоронинг илм тарқатувчи марказ сифатидаги хизматини шундай баҳолайди: «Олимларнинг кўплигидан, уни олимлар ва илм-фан булоғи деб атайдилар». Бухорога XIX асрда сафар қилган Е.К. Мейендорф эса Бухоронинг ислом оламида тутган ўрнини қуйидагича таърифлайди: «Ўзининг кўплаб мактаблари, олимлари ҳамда муқаддас қадамжолари сабабли мусулмонларнинг зиёратгоҳига айланган. Эҳтимол шунинг учун у «шариф» номига сазовор бўлгандир» . Рус сайёҳи Н. Ханыков ўз эсдаликларида Бухорони йирик илм-фан ва маърифат, диний билимлар маркази сифатида таърифлаб: «Бухоро илм тарқатувчи марказ ҳисобланган ва ҳисобланади», дейди. Ж.Кунитс ҳам Бухорони «араб-эрон маданиятининг қалъаси», Марказий Осиёнинг юз йиллик тарихидаги «Исломнинг юраги», 250 масжид ва мадрасалар маркази дея атаган .
Марказий Осиё мадрасаси тарихи ва унинг фаолияти хусусида кўплаб тадқиқотлар амалга оширилган бўлиб , мазкур рисолада мадрасалар фаолияти ҳақида умумий тўхталиб ўтмоқчимиз.
Мадраса – арабча «дараса» («ўрганмоқ») сўзидан олинган бўлиб, «ўрганиш жойи» деган маънони англатади. Илк ислом давриданоқ масжидлар бунёд этила бошланди. Дастлаб илм мажлислари масжидларда олиб борилган бўлса, кейинчалик мадрасаларда таҳсил олиш йўлга қўйилди. Наршахийнинг фикрича, 937 йилги ёнғиндан зарар кўрган «Форжак» мадрасаси Марказий Осиёдаги дастлабки мадрасалардандир . К.Каттаевнинг фикрига кўра, Самарқанддаги Работи Ғозиён мадрасаси яна ҳам қадимийроқ бўлиб, унда Имом Мотуридий, Абулқосим Ҳаким кабилар Муҳаммад ибн Фазл Балхийдан (ваф. 931 й.) таҳсил олганлар. Аммо Абу Ҳафс Кабир Бухорий (150-216-17 ҳиж., 768 -832 мил.йй.) ҳам Бухорода илмий ва диний билимлар ривожига катта ҳисса қўшган мадрасага асос солганини инобатга олсак, мазкур мадраса кўрсатилган мадрасалар билан бир вақтда, балки улардан ҳам қадимийроқ экани маълум бўлади .
Мадраса ўқув дастурининг умумий жиҳатлари ­X-XII асрларда ишлаб чиқилиб, кейинчалик такомиллашиб борган.
Ўрта асрларда Бухоро мадрасалари илм маскани сифатида нафақат Марказий Осиёда, балки мусулмон шарқида ҳам машҳур эди.
Амир Темур ва темурийлар даврида мадрасалар олий маълумот берувчи марказ вазифасини ўтаган. Мовароуннаҳр ҳамда Хуросонда асосан давлат ва давлатманд шахсларнинг маблағлари ҳисобига кўплаб мадрасалар қурилган.
Шу тариқа мадрасалар кўпайиб, олий ўқув даргоҳи сифатида диний соҳа вакиллари, сиёсий арбоблар ҳамда олимлар етиштирадиган олий ўқув юртига айланиб борган. Мадрасалар асосан хон, амалдор, бадавлат кишилар ва зиёли шахсларнинг ташаббуси билан барпо этилиб, номи ўша шахслар исми, баъзан мадраса жойлашган маҳалла, гузар номи билан аталган .
Мадрасалар холис хусусий мулк ҳисобидан қурилиши шарт бўлиб, хон ва амирлар, йирик амалдорлар томонидан бундай иншоотларни давлат мулкидан бунёд этилиши шариатга хилоф ҳисобланган.
Мадрасаларнинг асосий даромади вақф мулкларидан бўлгани учун яхши ҳосил олинмаган йиллари қийналган талабалар ва мударрислар муаммосини ҳал қилиш мақсадида Мирзо Улуғбек мадрасаларни давлат ҳисобига киритган ва уларга давлат бюджетидан маблағ ажратилган. Мадрасаларда нафақат бойлар, балки камбағалларнинг болалари ҳам ўқиш ҳуқуқига эга бўлган ва нафақа, кийим-бош билан таъминланган. Ўқув йили саккиз йилга қисқарган ва ҳафтада беш кун таълим берилган. Мирзо Улуғбек ўқув дастурларини ҳам янгидан ишлаб чиққан . Янги ўқув қўлланмалар яратилиб, Мирзо Улуғбек машғулотларни якка тартибда олиб боришни ман этиб, «жамоа»(гуруҳ)ларга бўлиб ўқитиш услубини жорий қилган. Маърузалар 70 кишидан иборат катта гуруҳларга, амалиётлар эса 10-15 кишидан иборат кичик гуруҳларга бўлиб олиб борилган. Бу услуб кейинги асрларда ҳам сақланиб қолганини архив маълумотлари ҳам тасдиқлайди.

Написать комментарий